Ўзбекистотн Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 2019 йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Самарқандда Халқаро хайрия ярим марафонини ўтказиш ҳақида эълон қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил 25 июндаги фармойиши имзоланди.

Ярим марафон жамоатчиликнинг диққатини ижтимоий ҳаётимизнинг қуйидаги жиҳатларига қаратиш ва ривожлантириш мақсадида ўтказилади:

  • маданият ва санъат объектларида инклюзивлик;
  • соғлом турмуш тарзини оммалаштириш;
  • спорт туризмини ривожлантириш;
  • Ўзбекистон аҳолисини спортнинг фаол турларига жалб этиш.

Жамғарма мазкур марафоннинг барча босқичларини сифатли ўтказишни таъминловчи Ташкилий қўмитанинг ишчи органи сифатида иштирок этмоқда.

Халқаро хайрия ярим марафонини ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмитанинг таркибида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари А.А.Абдухакимов, маданият вазири Б.С.Сайфуллаев, соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шодмонов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.О.Турдимов ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Г.О.Умеровалар ва бошқалар бор.

Халқаро хайрия ярим марафони Жамғарманинг кенгқамровли лойиҳаларидан бири бўлиб, мазкур лойиҳа жорий йилда илк бор ўтказилади. Ярим марафон доирасида спорт, таълим ва инклюзивлик йўналишидаги қатор лойиҳалар ўтказилади.

Ярим марафон доирасида ўтказиладиган тадбирларга тайёргарлик кўриш жараёнидаги лойиҳага оид маълумотлар жамғарманинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқларида, шунингдек маҳаллий, минтақавий ва хорижий ОАВлариида ёритилиб борилади.