Кеча, 4 июль куни, Нукусда  И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори лавозимига халқаро танловнинг иккинчи босқичи ўтказилди. Эксперт кенгаши аъзолари олдида 6 нафар номзод чиқиш қилди. Тақдимотлар ва суҳбатлар натижасига кўра, танлов ғолиби аниқланиб, унга кўра Тигран Мкртичев ғолиб бўлди. Open Call Халқаро танлови Ўзбекистон Республикаси Маданит вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданит вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.   

Танловни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги қарори
(ПҚ-3920-сон) билан тасдиқланган Музейларда реновация дастурининг ижросини таъминлаш  мақсадида амалга оширилди. Дунёнинг энг машҳур авангард музейларидан бирининг директорини танлаш, ноёб коллекцияни  асраш ва ривожланишнинг янги усулини танлаш ҳам ҳисобланади. Танлов Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари ўртасида ўтказилди. Номзод музей иши, жамоатчилик фаолияти, маъмурий масалалар ва молиялаштириш соҳаларида малакага эга бўлиши лозим. Танлов қоидалари ва аризаларни топшириш учун зарур ҳужжатлар билан Фонднинг расмий сайтида танишиб чиқишингиз мумкин: https://acdf.uz/news/34. 

Танловнинг биринчи босқичи натижасига кўра 6 нафар номзод аниқланди. Улар турли мамлакатлар маданият муассасаларининг қуйидаги ходимлари:  Тибо де Рюйтер (Германия), Тигран Мкртичев (Россия), Сергей Пиляк (Россия), Гулшат Баймуратова (Қозоғистан), Октябрь Доспанов (Қорақалпоғистон) ва Ирина Петрушина (Қорақалпоғистон). Номзодлар ўзларининг тақдимотларини экспертлар кенгашига тақдим этди ва Нукусдаги Савицкий музейида юзма-юз суҳбатдан ўтди.

Эксперт кенгаши таркиби қуйидагилардан иборат:

Сайфуллаев Бахтиер Сайфуллаевич – Ўзбекистон Республикаси маданият вазири;

Трегулова Зельфира Исмаиловна – Давлат Третьяков галереяси директори;

Манфред Наврот – Берлин давлат музейлари куратори;

Стюарт Мазер Гибсон – ЮНEСКОнинг музей фаолияти, археология ва маданий сиёсат бўйича халқаро катта маслаҳатчиси;

Бабаназарова Мариника Маратовна – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари.

Зельфира Трегулова, Давлат Третьяков галереяси директори, Москва:

- Нукусдаги Савицкий номидаги музей ажойиб коллекция, инфраструктура ва ривожлантириш учун катта салоҳиятга, шунингдек, ўз тарихи ва номига эга. Мен Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг музей директори лавозимини эгаллаш учун очиқ халқаро танловни ўтказишга қарор қабул қилганлигидан хурсандман. Ишончим комилки, танлов мазкур институция тарихида янги саҳифаларни очадиган, ўз ишининг энг яхши устасини жалб этиш имконини беради.       

Танлов протокол асосида ўтказилди. Ҳар бир номзод музейни ривожлантириш ва унинг концепцияси бўйича ўз тақдимоти билан чиқиш қилди. Тақдимотдан сўнг, номзодлар экспертлар кенгаши аъзоларининг саволларига жавоб бердилар. Музокаралар ва тўпланган баллар ҳисоблангач ҳамда баённома расмийлаштирилгандан сўнг, танлов ғолиби эълон қилинди. Унга кўра, энг юқори балл (430 балл) тўплаган Тигран Мкртичев танлов ғолиби бўлди.      

 

Маълумот ўрнида: Тигран Мкртичев (Москва. Россия). 2017 йилдан ҳозирги вақтгача Шарқ халқлари санъати давлат музейи филиали – Рериховлар музейи директори (Бош директор ўринбосари) ҳисобланади. 2005-2017 йилларда Россия Федерацияси  Маданият вазирлиги Шарқ халқлари санъати давлат музейи филиали – Рериховлар музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари;
Шарқ халқлари санъати давлат музейи,  Рериховлар музейи, А.С.Пушкин номидаги тасвирий санъат давлат музейи, Рейс-Энгельхорт музейи (Манхейм, Германия), Метрополитен музейи (АҚШ), Туркманистон тасвирий санъат музейи (Ашхобод) ва бошқа жойларда ўтказилган 20 дан зиёд кўргазмаларнинг куратори (ишчи гуруҳлар аъзоси); 2012 йилдан Москва рассомлар жамиятлари уюшмаси (МОСХ) аъзоси. Ўзбекистонда ўтказилган археологик экспедициялар раҳбари (Дўрмонтепа қалъаси, Самарқанд; Варахша қалъаси, Бухоро; Қоратепа қалъаси, Термиз; Кампиртепа қалъаси, Термиз), Тува, РФ (Пор-Бажин ёдгорлиги), ХХРнинг Шинжон-Уйғур автоном вилояти (Сенгим қалъаси, Турфон) – 1994-2008 йиллар; Россиянинг ВДНХ (Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси) музейлар шаҳри эксперт кенгаши аъзоси, 2017-2018 йиллар; 2018 йилдан “Buyk Kelajak” экспертлар кенгаши аъзоси (Ўзбекистон Республикаси). Мукофотлари: 2002 йилда Россия Федерациясида хизмат кўрсатган маданият ходими унвонига сазовар бўлган.  

Натижалар эълон қилингач, Тигран Мкртичев ўз таасуротлари билан бўлишди:

- Авваламбор шуни айтмоқчи эдимки, мазкур лавозим улкан масъулият юклайди. Олдинда катта ва машаққатли ишлар турибди. Ўз тақдимотимда билдирилган барча ғояларни оширишда менга музей жамоаси ва мамлакат раҳбарияти, шунингдек, бутун дунёдаги касбдошларимнинг кўмаклашишига умид қиламан. Ахир, Савицкий музейи нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун инсоният маданий бойлигининг ажралмас қисмидир.       

Танлов юзасидан ва ғолиблар ҳақида ўз фикрларини экспертлар кенгаши аъзолари ҳам билдирди.

Бахтиер Сайфуллаев, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири:

- Мен экспертлар кенгаши аъзоларига уларнинг иштироки, номзодларга берган саволлари ва барча қилган ишлари учун улкан миннатдорлик билдираман. Номзодларнинг чиқишлари кучли эди ва ҳар бир номзод ўз ривожлантириш талқинини тақдим этди. Чин дилдан ғолибни, Тигран Мкртичевни табриклайман. Ўзбекистон музейларининг реновация дастури соҳасида маъмурий ислоҳот амалга оширилгандан сўнг, у ўз хизмат вазифасига киришади. Ўйлайманки, янги директор жорий йилнинг сентябрь ойида ўз вазифасини расмий бажаришга киришади. Мен шахсан Мкртичевни Савицкий номидаги музейнинг янги директори сифатида музей ходимлари ва жамоатчиликка тақдим этиш учун Нукус шаҳрида бўлишга ҳаракат қиламан.

Мариника Бабаназарова, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари:

- Менинг фикримча, бугун бизнинг мамлакатимиз маданий ҳаёти тарихида катта воқеа содир бўлди. Биринчи марта Ўзбекистоннинг энг таниқли музейларидан бирининг директори лавозимига номзод очиқ овоз бериш йўли билан танланди. Бу мамлакатимизда музей раҳбари лавозимига лойиқ номзодни танлаш учун демократик шароитлар яратилганидан далолат бермоқда. Инсонни раҳбар лавозимига танлашнинг мазкур усули биз учун ноодатий бўлиб, жаҳон амалиётида кўпдан бери қўлланилиб келинади. Танловнинг инновацион йўсинда очиқ, шаффоф ўтказилиши мени жуда қувонтирди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ҳиссаси катта бўлди. Шунингдек, эксперт кенгаши таркибидаги эътиборга сазовар инсонлар қаторида бўлиш нақадар ёқимли. Биз номзодларга берган саволларимиз орқали улар томонидан тақдим этилган концепцияларнинг тафсилотларини тушунишга ва очишга ҳаракат қилдик. Ҳар бир тақдимотда ўзига яраша қизиқарли ечимлар ва бандлар бор эди.                     

Мен жаноб Тигран Мкртичев танлов ғолиби бўлганидан хурсанд бўлдим. У олим, музей ходими ва куратори сифатида улкан халқаро тажриба эга. Тиграннинг бизнинг юртдошимиз, Тошкент университети битирувчиси, Марказий Осиё  минтақаси ва ўлкамизнинг қадимий тарихи билимдони эканлиги эксперт кенгашини бефарқ қолдирмади. У ўз нутқида Ўзбекистоннинг буюк олимларининг тарбияланувчиси, ўз устозлари олдидаги бурчини бажаришни хоҳлаётганини, уни ҳозирги мавқега эриштирган заминни қадрлашини таъкидлаб ўтди. Менинг жаноб Мкртичевга шахсий тилагим шуки, қийинчиликлардан қўрқмаслик ва бор кучи билан ишлаш. Ёрдамимиз керак бўлса, биз ёрдам беришга доим тайёрмиз.