Биз билан югуринг! Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Самарқанд яриммарафон иштирокчиларини рўйхатга олишни бошлади

Samarkand Half Marathon – ҳайрия мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ҳар йили Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади. Мазкур мусобақа маданият ва санъат объектларидаги мавжуд инклюзив муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи ва спорт туризмини ривожлантириш масалаларини ҳал қилишга ёрдам беради.

Бугун биз www.samarkandhalfmarathon.uz сайтида Самарқанд яриммарафони иштирокчиларини рўйхатдан ўтказишни бошлаймиз. Бу йил ташкилотчилар асосий эътиборини аутизм спектрининг бузилиши (АСБ) билан касалланган инсонларнинг имкониятлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданият ва санъат объектларига кириш муаммосига қаратишмоқда. Тадбир доирасида аутизмга чалинган инсонлар учун инклюзив муҳитни яратиш ва уларни мамлакатимиздаги ижтимоий-маданий ва жамоат ҳаётига қўшилиш имкониятлари муҳокама қилинади. “Samarkand Half Marathon” яриммарафонидан тушган маблағлар аутизмга чалинган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида болалар ижодиёти студиясини ташкил қилишга сарфланиши режалаштирилган.

Дунёдаги мураккаб эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда 2020 йилда ўтказилаётган “Samarkand Half Marathon” дастурининг спорт қисми икки хил шаклда, Самарқанддаги классик усулдаги югуриш мусобақаси ва Ўзбекистонга келиб иштирок эта олмайдиган спортчилар учун офлайн виртуал мусобақа ташкил этилиши кўзда тутилган. Яриммарафоннинг ушбу офлайн шакли ҳар бир иштирокчига югуриш учун жой танлаш эркинлигини беради, шунингдек, мусобақа натижалари тўғрисидаги барча маълумотлар “Strava” иловаси ёрдамида қайд этиб борилади. Ҳайрия мусобақаси 1 ноябрдан бошланади. Бундан ташқари, дастурга Скандинавча юриш мусобақаси ҳамда 12 ёшгача бўлган болажонлар учун эса, алоҳида болалар пойгаси жадвали ишлаб чиқилди. Шунингдек, Самарқанд яриммарафони лойиҳаси доирасидаги ўқув ва маданий дастурлар рақамли форматда ўтказилади.

“National Autistic Society” (Буюк Британия) вакиллари билан ҳамкорликда аутизм касаллигига чалинган болаларнинг ота-оналари учун онлайн веб-семинарлар ўтказилади ва Британия музейи мутахассислари ташаббуси билан ташкил этилган “Early Morning Explorers” лойиҳаси ҳақида батафсил ахборот берилади. "Дўстона муҳит" (Россия) лойиҳаси кўмагида бир қатор онлайн мунозаралар, веб-семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. Ундан ташқари, “The Beat Film Festival” кинофестивали билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган филмлар дастури веб-сайтимизда намойиш этилади.


 АЗИЗ АБДУҲАКИМОВ:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, “Samarkand Half Marathon” яриммарафонининг ташкилий қўмитаси раиси

«Юқорида айтиб ўтганимдек, Самарқанд яриммарафонини ҳар йили ўтказиладиган тадбирга айлантириш жуда муҳим масалалардан биридир. Мана энди, бир йил ўтгач, биз яна қулай ва инклюзив муҳит яратиш йўлидаги муҳим муаммоларни ҳал қилишга қаратилган лойиҳа устида ишлаяпмиз. Ишончим комилки, маданият муассасаларидан бошлаб ушбу ҳаракат босқичма-босқич амалга оширилиб, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олади. Гарчи, бу йил аниқ сабабларга кўра кўплаб иштирокчиларимиз Самарқандга келиб иштирок этиш имконига эга бўлмасларда, дунёнинг турли бурчакларида ушбу хайрия акциямизга қўшилишлари мумкин».

 

САИДА МИРЗИЁЕВА:

Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

«Самарқанд яриммарафони энг йирик хайрия лойиҳаларидан бири ҳисобланади, бу нафақат бизни фаол турмуш тарзига амал қилишга, балки, маданият ва санъат объектларида қулай муҳитни ривожлантириш каби долзарб муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратади. Барчамизнинг мақсадимиз битта - тўлиқ ижтимоий интеграцияни таъминлаш ва мамлакатимизнинг ҳар бир аҳолиси ва меҳмонлари учун тенг шарт-шароитларни яратиш. Бунинг учун биз бундай ташаббусларни фаол тарзда қўллаб-қувватлаб боришимиз ва бу каби тадбирларни имкон қадар Ўзбекистонда кўпроқ ўтказишга ҳаракат қилишимиз керак».

 

ГАЯНЭ УМЕРОВА:

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори

«Samarkand Half Marathon – бу ҳар қандай муаммони, қолаверса, маданият ва санъат объектларида инклюзив муҳитни яратиш каби кенг қамровли масалаларни жамоатчилик билан биргаликда ҳал қилиниши мумкинлигига ёрқин мисолдир. Ҳукуматимиз ушбу муҳитни янада шакллантириш учун мисли кўрилмаган қадамларни ташламоқда. Жамиятимиз ушбу ташаббусларни катта иштиёқ билан қўллаб-қувватлаётганини кўришдан мамнунмиз. Бунинг исботи тариқасида биринчи Самарқанд яриммарафонида иштирок этган қатнашчиларнинг умумий сони келтиришимиз мумкин».

 

МИРХАН САГИТОВ:

Samarkand Half Marathon куратори, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг махсус лойиҳалар бўлими бошлиғи

«Бу йил биз сизлар учун жуда кўп янгиликлар тайёрладик. Иштирок этишнинг янгича шакли, янгича ечимлар ва янгича мусобақалар. Мамлакатимизда илк бор Скандинавча юриш бўйича расмий мусобақа ташкил этилмоқда, бундан ташқари кичик ёшдаги югурувчиларнинг натижалари болалар учун алоҳида ташкил этилган мусобақа тоифасида ҳисобга олиниши режалаштирилган. Албатта, сизларни ноёб медаллар ва кўплаб қизиқарли янгиликлар кутмоқда, масалан, югуриш клублари ўртасидаги мусобақалар ва "Шаҳарлар аро мусобақалар". Иштирокчиларга вақт, жой ва масофани танлаш эркинлигини ўзларида қолдириш билан бирга, биз югурувчилар сони бўйича рекордларни янгилашга, шунингдек, иштирокчи мамлакатлар географиясини кенгайтиришга ва кенг миқёсда катта югуриш байрами муҳитини етказишга ҳаракат қиляпмиз. Яриммарафон туфайли югуришни яхши кўрувчи инсонлар сони тобора кўпаймоқда ва бу бизни югуриш мусобақаларининг янги турларини излашга ва тадбирларни энг юқори даражада ташкил этишга ундайди».

 

МАДИНА БАДАЛОВА:

Samarkand Half Marathon лойиҳасининг таълим ва инклюзивлик дастурлари бўйича куратори, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг таълим ва инклюзивлик бўлими бошлиғи

«Samarkand Half Marathon лойиҳаси ёрдамида биз аутизм билан касалланган инсонларнинг муаммоларига эътибор қаратмоқчимиз, энг муҳими, уларни ҳал қилиш йўлларини таклиф қилмоқчимиз. Биз жамиятни мослашишга ва бир-биримиз билан қандай муносабатда бўлишни тушунишга ўргатишимиз керак. Бизнинг лойиҳамиз хорижий уюшмалар ва мутахассислар билан учрашиш ҳамда тажриба алмашиш учун қулай имкониятдир. Бизни “National Autism Society” Миллий аутизм жамияти, “British Museum” Британия музейи ва "Дўстона муҳит" лойиҳаси қўллаб-қувватламоқда, улар билан ҳамкорликда бир қатор онлайн таълим тадбирлари ўтказилади, бундан ташқари, "The Beat Film Festival" кинофестивали бу йилги Самарқанд яриммарафонида намойиш этиладиган филмлар дастури устида иш бошлади.