Москванинг “Реакомп” институти тифлошарҳлаш йўналишида таълим олиш бўйича грант

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси "Реакомп" институти билан биргаликда Ўзбекистон театрларининг спектакль намойишларида тифлошарҳлаш лойиҳасини жорий қилиш бўйича таълим дастурида қатнашиш учун номзодларни танлаб олишни бошлади. Танловда иштирок этиш учун паспорт нусхаси, мотивацион хат, автобиография, резюме, олий ёки ўрта махсус таълимга эга эканликни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади. Ҳужжатларни scholarship@acdf.uz электрон манзилига ёки Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 1-уй манзилига жўнатиш лозим. Аризалар 2020 йил 15 февралгача қабул қилинади.

Онлайн тест синовлари ва суҳбат натижаларига кўра танлаб олинган Ўзбекистонлик номзодлар мазкур ўқув дастурининг иштирокчиларига айланади. Ўқитиш икки босқичда бўлиб ўтади: онлайн-курс ва Москвадаги “Реакомп” институтида кундузги таълим. “Реакомп” бу – Бутунроссия кўзи ожизлар жамиятининг етакчи ташкилоти. Ушбу ташкилот компьютер тифлотехнологияларини қўллаган ҳолда имконияти чекланган шахсларни реабилитация қилиш ишларини олиб боради. Шунингдек “Реакомп” кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, кўриш имконияти чекланган кишиларни ўқитиш бўйича янги педагогик ёндашувларни қўллаш билан шуғулланади. Таъкидлаш жоизки, Жамғарма авиақатнов, яшаш ва еб-ичиш каби харажатларни ўз зиммасига олади. Дастур якунига етгач, таълим олган мутахассислар Ўзбекистон театрларида кўзи ожиз ва заиф кўрадиган ташриф буюрувчилар билан ишлашади.

Тифлошарҳлаш - бу кўзи ожиз кишиларга тушунарсиз бўлган маълум бир ҳодисани, воқеани ёки ҳатти-ҳаракатни изоҳлаш орқали қисқа шаклда тушунтириб бериш усули. Кўзи ожиз ёки заиф кўрадиган шахслар махсус тайёрланган тифлошарҳлар ёрдамида саҳнада рўй бераётган ҳодисаларнинг визуал образини тўлиқ шакллантира олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон тарихида илк халқаро ярим марафон бўлиб ўтди. Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда мамлакатда спорт туризмини ривожлантириш эди. Ярим марафондан тушган маблағлар Тошкент театрларида тифлошарҳлаш лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилди.

Жамғарма томонидан тайёрланган Вазирлар Маҳкамаси қарорига муофиқ, Ўзбекистон музейларида имконияти чекланган шахслар, мактабгача таълим ёшида бўлган болалар ва нафақадаги кишилар учун инклюзив шароитлар яратилади. Ушбу мураккаб ва узоқ муддатли жараён нафақат муассасалар инфратузилмасини, балки таълим дастурларини ҳам янгилашни, шунингдек инклюзив хизмат кўсатиш бўйича ходимларни қайта тайёрлашни талаб қилади. Ушбу режалар 2020-2021 йилларга мўлжалланган инклюзивлик дастурда кўзда тутилган.