Инклюзив театр

28 ва 29 феврал кунлари Ўзбекистон давлат ёшлар театри саҳнасида тифлошарҳлаш ёрдамида спектакллар намойиш этилади. Ушбу тадбир "Кўнгил кўзи" лойиҳаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилмоқда. Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқармаси спектаклларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг кўзи ожиз ва заиф кўрувчи аҳолисини таклиф қилади.

Томошабинларга Темур Зулфиқоровнинг «Хўжа Насриддиннинг биринчи муҳаббати» достони, шунингдек, «Асир табиб» театрлаштирилган спектакли ҳикоя қилиб берилади. Спектакль режиссёри – «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» Наби Абдурахманов.

 

Ўтган йили Жамғарма мамлакатимизнинг маданият муассасаларида инклюзив муҳитни яратиш бўйича узоқ муддатли дастур асосида иш бошлади. Театрларимизда тифлошарҳлаш орқали саҳналаштирилган спектакллар намойиш этилиши ушбу дастурнинг элементларидан биридир. Жамғарма ушбу лойиҳа бўйича технология муаллифи Реаком институти билан ҳамкорлик қилмоқда. Февраль ойида россиялик ҳамкасбларимиз билан биргаликда яна бир таълим дастурининг ишга туширилганини эълон қилган эдик. Таълим дастурини муваффақиятли тамомлаган мутаҳассислар Жамғарма лойиҳалари устида иш олиб боради. Мамлакатимиз театрларида ушбу инновацион лойиҳани амалга ошириш 2019 йил ноябр ойида Ўзбекистон тарихида илк маротаба бўлиб ўтган Самарқанд халқаро хайрия яриммарафонидан тушган маблағлар ҳисобига амалга оширилмоқда.